Арпа ҳақиқатдан ҳам туғилишдан то қариликка қадар овқатда ишлатиладиган Ер юзидаги яккаю ягона ўсимлик ҳисобланади. Ҳадисларда арпа жуда тўйимли, йўтал ва гастрит пайтида фойдали, шунингдек сийдик ҳайдовчи ва антиоксидант восита сифатида тилга олинган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам арпани яхши кўрар эдилар. Арпа пайғамбаримизнинг асосий егуликлари эди. Лекин хонадонларида арпа ҳар куни ҳам бўлмасди. Улар арпани ун, нон ва бўтқа кўринишида истеъмол қилар эдилар. Ҳадисга мувофиқ, пайғамбаримиз ҳеч қачон эланган ун ишлатмаган эканлар. Бу биз учун улкан сабоқ бўлиши керак. Чунки биз юқори навли унларни истеъмол қилишга интиламиз. Ваҳоланки, ун қанча юқори навли бўлса (яьни қанча кўп эланса), унинг шунча фойдали витаминлари ва минералларга тўла озуқавий элементлари чиқиб кетади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз чиқишларида камида 20 маротаба арпа кукунини ёдга олганлар. Уларда тальбина таоми ҳам тилга олинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни касал ва беваларга тановвул қилишни тавсия қилганлар: “Тальбина беморнинг юрагини тинчлантириб, ўзини тетиклаштиради, баъзи бир ғам-қайғу ва андуҳли ўйларни олиб кетади”. (ал-Бухорий, 7, 71, 593).
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳуга:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам соф оқ нон еганмилар?» дейилди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга рўбарў бўлгунларича соф оқ нонни кўрмаганлар», деди.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида сизларни элагингиз бормиди?» дейилди.
«Бизни элагимиз йўқ эди», деди.
«Эланмаган арпани қандай истеъмол қилар эдингизлар?» дейилди.
«Уни пуфлар эдик. Ундан учган нарса учиб кетар эди. Сўнгра уни сувга ивитиб, ҳамир қилар эдик», деди.
Аҳмад 5/332, Ал-Бухорий 5413, Ат-Термизий 2364
———————————
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага келганларидан бошлаб, то қабз қилингунларига қадар, уларнинг аҳллари кетма-кет икки кун тўйиб арпа нонини емадилар», дедилар.
Аль-Бухорий 5416, Муслим 2970, Термизий 2357,
———————————-
Абу Саъид ал‑Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир куни олдида қовурилган қўй гўшти турган кишилар, ўтиб кетаётган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни таомга чақиришди, лекин у таклифни рад этган ҳолда, деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳаттоки арпа нонини тўйиб емасдан бу дунёни тарк этди”.
Ал-Бухорий 5414.
————————————
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча кечаларни оч ўтказар эдилар. У зотнинг аҳллари ҳам кечки таомга ҳеч нарса топмас эдилар. Уларнинг тановвул қилган нонлари кўпроқ арпа нони бўлар эди», деди.
Ат-Термизий 2360, Аҳмад 1/255, 373,
Имом ибн ал-Қоййимнинг айтишича, арпа дамламасини тайёрлаш учун сувни дондан беш баробар кўпроқ олиш талаб этилади. Унинг таркиби тўрттдан уч қисмгача камайгунга қадар қайнатиш керак бўлади. Ушбу сутли аралашма чанқоқни босишда ажойиб восита ҳисобланади.